Компания ходимлари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди

«IFODA AGRO KIMYO HIMOYA» масъулияти чекланган жамияти томонидан ходимлар малакасини ошириш ва улар саломатлигини тиклаш борасида ҳар йили аниқ чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, жамиятнинг стратегик режалаштириш дастурига мувофиқ 2017 йил мавсумига пухта тайёргарлик кўриш ва ходимларнинг касбий тайёргарлик даражасини ошириш билан келгусида мижозларга сифатли ва самарали хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 24-31 октябр кунлари Тошкент шаҳрида жамият ходимлари ва келгусида ишга қабул қилиш учун лавозимларга заҳирага олинган номзодлар учун ўқув машғулотлари ташкил этилди. “Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли санаторий-профилакторийда ўтказилган 8 кунлик ўқув машғулотига 38 нафар филиал менеджерлари ҳамда янги ташкил этиладиган филиалларга ва ҳудуд агрономи лавозимларига заҳирага олинган 23 нафар номзодлар ўз билимларини ошириш билан бир қаторда даволаниш муолажаларини ҳам олдилар.

Ўқув машғулотларда жамиятда жорий этилган ИСО 9001:2008 сифат бошқарув тизими ҳақида, жамиятда юритиладиган асосий хужжатлар рўйхати, ички меҳнат тартиби қоидалари, лавозим мажбуриятлари, хужжатларни юритилиши бўйича қабул қилинган меърий – ҳуқуқий асослар, иш жараёнида ходимларга қўйиладиган асосий талаблар, жамиятнинг асосий иш фаолияти, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва уларда энг кўп учрайдиган касаллик, заракунанда ва ҳашоратларга қарши курашиш усуллари, препаратларни амалиётда қўллаш, сақлаш ва ташиш қоидалари, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги, санитария-гигиена қоидалари, чакана ва улгуржи савдо хамда шартномавий муносабатларнинг асосий қоидалари, пахта, ғалла, полиз экинларини зараркунандалардан асраш ҳамда касалликларга қарши курашиш усуллари, боғдорчилик, уруғчилик ҳамда иссиқхоналарга кимёвий усулда ишлов бериш, агротехника тадбирлари, жамият томонидан сотиладиган препаратлар турлари ва уарни қўллаш тартиб-қоидалари бўйича маърузалар тингланди. Шунингдек, филиал менеджерлари учун “1С-Бухгалтерия» дастури асослари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Ўқув машғулотлари якунида тингловчиларнинг билимлари синовдан ўтказилди. Мавсум якуни бўйича ходимлар фаолиятини баҳолаш мезонлари бўйича олинган баҳолар ҳамда ўқув машғулоти якунида тўпланган балл кўрсаткичлари асосида ходимларни 3 та тоифалар(1-,2- ва 3-)га ажратиш тартиблари тушинтирилди.