Кўсак қурти

Бўлим: Зараркунандалар

Кўсак қурти

       Кўсак қурти - ғўзанинг асосий зараркунандаси хисобланиб, 120 турдаги ўсимликлар билан озикланади, айникса ғўза, помидор, бақлажон, нўхот, мош, соя ва маккажўхори ўсимликларини кўпроқ зарарлайди. Зараркунанданинг битта авлоди ривожланиши 35-40 кун давом этади ва 3-4 та авлод беради. Кўсак қуртини бир авлоди ривожланиши учун харорат 110С дан юқори 5500С фойдали харорат йигиндисини олиши керак. Шундан кўсак қурти тухумидан личинка чиқиши учун 500С, қуртлик даврига 3000С, ғумбаклик даврига 200 0С фойдали харорат кетади. Бу зараркунанда одатда тупрокда йул колдириб 8-12 см чуқурлигига кириб ғумбак холатида қишлайди. Кўсак қурти ғумбаги эрта баҳорда харорат 110С дан юқори 2000С иссиқликни олганда, тупроқнинг 10 см даги харорати 16 0С дан юқори булганда ғумбаклардан капалакларни учиши кузатилади, баҳорнинг келишига қараб кўсак қурти капалагининг учиши апрел ойининг иккинчи ўн кунлик охири, учинчи ўн кунлиги бошларига тўғри келади. Кўсак қурти капалаги йирик, қанотини ёзганда 30-40 мм, танасининг узунлиги 17-20 мм келади. Танасининг ранги кўкиш, сариқ, кулранггача ўзгаради. Капалак учгандан 3-4 кун ўтиб урчиб тухум қўйишни бошлайди. Капалаклар ўртача 500-600 та айрим капалаклар эса 3000 тагача тухум қўяди. Биринчи авлод капалаклари тухум қўяётган даврда ғўза ниҳоллари ёш бўлганлиги сабабли, капалаклар дала қирғоқларидаги бегона ўтларга ва томорқалардаги эртанги сабзавот экинларига ўз тухумларини якка-якка холда қўяди.

     Зараркунанданинг тухуми оқиш кулранг, гумбазсимон шаклда 1 мм катталикда бўлади. Кўсак қуртининг иккинчи яъни гўзада бўладиган биринчи авлодини купайиб кетишини олдини олиш максадида фермер хужаликлари рахбарлари, худуд агроном-энтомологлари, мутахассислар билан биргаликда хонадонлардаги ва томорқа хужаликлари экинларидаги зараркунанда тухумига қарши биомахсулотларни қўйишни ташкил этиш лозим.

      Кўсак қуртининг табиатдаги иккинчи (ғўзадаги биринчи) авлоди капалаклари учиши июн ойини 1-ўн кунлиги охири 2-ўн кунликларида асосан ғўза майдонларида ғўзанинг ёппасига шоналаш, гуллаш даврларига тўғри келади. Бу авлод капалакларини учишини аниқлаш мақсадида ферамон тутқичлардан фойдаланилади, ферамон тутқичлар дала қирғоғининг 25-30 метр ичкарига хар 2 гектарига бир донадан қўйилади, ферамон тутқичга тушган капалаклар хар куни қайд қилиб борилади. Ферамон тутқичларни фойдаланиш муддатларини узайтириш мақсадида кечқурун фойдаланилиб, кундузи салқин жойларга олиб қўйиш мақсадга мувофиқ. Кўсак қурти капалаги учиш бошлагандан 3-4 кун ўтиб капалаклар тухум қўйишни бошлайди. Капалак тухумларини биттадан  асосан ғўзанинг ўсув нуқталари яқинидаги янги баргларга, шона ва гул косаларига каймарин номли суюклик билан ёпиштириб  қўяди. Шу билан бирга капалаклар  ғўзаси ғовлаб ўсган сернам далаларни ёқтиради. Тухумлардан қуртларнинг чиқиши баҳорда 5-6 кун ёз ойларида эса 3-3,5 кунга тўғри келади.

       Трихограммани далага қўйишда ғўза майдонларида аниқланган кўсак қурти тухуми сонига қараб асосан 100 туп ғўзада ўртача 2-3 дона кўсак қурти тухуми аниқланганда хар гектарига 1 граммдан 10х10 схемада ва ундан ортиқ тухумлар аниқланганда эса 10х5 схемада қўйиш тавсия этилади.

       Кўсак қурти тухумдан чиқиб, ғумбакка кетгунгача 24 донагача ҳосил элементларини зарарлайди. Қурт танасининг туси озикланаётган ўсимлигининг рангига қараб ўзгариб туради. Кичик ёшдаги қуртларга қарши курашиш учун олтинкўз личинкаларидан фойдаланилади. Бунинг учун хар гектарига аниқланган зараркунанда қуртининг қалинлигига қараб 500-1000 донагача олтинкуз қўйилади.

    Кўсак қуртини ўрта ва катта ёшдаги куртларига қарши гектарига 500-1000 донадан бракон учирилиши лозим.

    Кўсак қурти хар 100 туп ўсимликда 10-12 донадан ошганда эса  ўсимликларни химоя қилиш соха мутахассислари хулосасидан сўнг юқори самара берувчи фойдали хашоротларга кам таъсир этувчи кимёвий воситалар билан ишлов бериш тавсия этилади. Бундан ташқари кўсак қуртига қарши курашишда ғўзада агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли қилиб ўтказиш катта ахамиятга эга.

1. Кузги шудгорни ўз вақтида сифатли қилиб ўтказиш

2. Хайдалмай қолган ерларга қишда яхоб суви бериш бунинг натижасида кишлайдиган ғумбакларни 80-90 фоизи йуқотилади.

3. Эрта бахорда йўл, ариқ ва дала қирғоқларидаги кўсак қуртига озуқа бўладиган бегона ўтларни йўқ қилиш.

4. Экинларни бир теккисда суғориш мақсадида сув кўллаб қолмайдиган қилиб ер теккислаш.

5. Ғўза ўсув даврида чеканка қилинганда чилпилган ўсув нуқта ва баргларни этакларга солиб даладан олиб чиқиб кетиш ва кўмиб ташлаш. Бу тадбир кўсак қурти тухуми ва ёш қуртларини 40-55 фоизгача йўқолишига ёрдам беради.

6. Кўсак қурти капалаги тухуми ва барча ёшдаги  қуртларига хар гектарига Энтовант  (0,4-0,45 литр), Протект (0,5 кг), Энтовант ПРО (0,25 кг) ва бошқа препаратлар қулланилади.

7. Эрта муддатларда сифатли дефолиация ўтказиш.

Кузатиб бориш