Бўлим: Зараркунандалар
Илдиз қурти 34 та ўсимликлар оиласига мансуб бўлган юзлаб турдаги ўсимликларгаларга зарар етказади. Унинг энг хуш кўрган ўсимлиги ғўза, беда, қанд лавлаги, маккажўхори, ғалла ва полиз экинлари ёш ниҳоллари, бегона ўтлардан шўра, печак ўт ва бошқалар хисобланади.
Илдиз қуртлари униб чиқаётган ғўза ниҳолларини шикастлаб, уруғ палла баргларни кемириб тешади. Кўпинча ёш ниҳолларни илдиз бўғзи яқинидан пояни кемиради, баъзан майсанинг ер устки қисмини тўла еб битиради. Катта ёшдаги куртлари 5см гача бўлиб, кўкиш-кулранг. Илдиз қурти етук қурт холида тупроқнинг 10-15 см чуқурлигида қишлаб чиқади. Эрта баҳорда яъни март ойининг 2-3 ўн кунлигида қишлаб чиққан илдиз қурти суткалик харорат 100С дан ошганда тупроқнинг устки қатламига кўтарилиб 5-6 см чуқурликда ғумбакка айланади. Ғумбаги оч-қўнғир бўлиб, буйи 1,5-2см га етади. Об-ҳаво шароитига қараб бахорда 15 кундан 30 кунгача ғумбак ҳолида яшайди. Бунда фойдали харорат йиғиндиси 1500С даражасига етганда ғумбакдан капалаклар учиб чиқа бошлайди. Капалаги қанот ёзганда 4 см гача боради. Илдиз қурти капалаклари апрел ойининг иккинчи ўн кунлиги бошларида учиб чиқиб, қўшимча гул нектарлари билан озиқланади ва 3-5 кундан сўнг якка-якка холда бегона ўтларга айниқса шўрага, печакка, итузумга, ғўзага хатто кесаклар устига тухум қўя бошлайди. Улар тухум қўйиш учун ўтлар сийрак, айниқса, тез қизийдиган енгил тупроқли далаларни танлайди, тухумини итузумнинг ёш кўчатларига қўйишни ёқтиради. Бир дона урғочи капалак ўртача 500-800 донагача, айримлари эса 1800 донагача тухум қўяди.
Янги қўйилган тухумлар оқ бўлади. Капалак тухуми 500С фойдали харорат олгандан сўнг, улардан майда қуртлар чиқади. Бахорда қуртлар 25-30 кун хаёт кечиради. Кеч экилган, ривожланишдан орқада қолган майдонлардаги ёш ғўза ниҳолларини қирқиб ташлайди ва тўла кўчат олишга имконият бўлмайди. Ғўзага илдиз қуртининг асосан 1- авлоди зарар . Кейинги авлодларидан бахорда бузиб экилган ва кечки сабзавот-полиз ҳамда такрорий экинлар қаттиқ зарар кўради. Ғўза ниҳоллари пояси қотгандан сўнг зарар етказа олмайди. Мавсум давомида илдиз қурти 4-5 та авлод беради.
КУРАШ ЧОРАЛАРИ:
Илдиз қуртини тухумлик даврида трихограмма қўллаб йўқотиш энг осон, арзон ва самарали усули хисобланади. Бунинг учун апрел ойининг биринчи ўн кунлигида хар 5 гектар майдонга 1 донадан илдиз қурти ферамон тутқичлари қўйилади. Илдиз қурти капалаклари ферамон тутқичга тушишни бошлагандан сўнг 3-4 кундан кейин 10х10 схемада трихограммани хар 4-5 кунда қўлланилади. Айрим сабабларга кура, зараркунанда қурти чиқариб юборилса, алдамчи ем (кужарага кимёвий воситалар аралаштирилади) тайёрлаб, пушта тепасига солинади ёки гектарига Протект (0,5 кг), Энтовант (0,45 л), Энтовант ПРО (0,25 л), Энтометрин (0,3-0,5 л), Агрофос-Д (1,5л), Энтоспилан (0,3 кг) препаратларини бири билан кечки окшомда пуркалса яхши самара беради.
Агротехник тадбирлардан қуйидагиларни ўтказиш лозим.
1. Кузги шудгорни ўз вақтида сифатли қилиб ўтказиш.
2. Хайдалмай қолган ерларга қишги яхоб суви бериш бунинг натижасида қишловчи авлодини 80-90 фоизи йўқотилади.
3. Эрта бахорда йўл ариқ ва дала қирғоқларидаги илдиз қуртига озуқа бўладиган бегона ўтларни йўқ қилиш.