Нашир қилинган сана: 14.07.2020
Категория: Янгиликлар
Наманган туманидаги “Тошбулоқ текст” МЧЖга қарашли дала майдонларидамиз. Бу кластер ҳудуддаги фермерлар жонига оро кирди деб айтиш мумкин. Сабаби тумандаги кўплаб фермер хўжаликлари сув муаммосидан, зарур техника ва ўғитларнинг етишмаслигидан қийналиб келишган. Шу боис ҳосил ҳам шунга яраша бўлган. Бироқ кластер фаолияти йўлга қўйилганидан сўнг бу муаммолар бартараф этилиб, ҳосилни икки ҳисса ошириш имконияти пайдо бўлган.
– Бизда оқава сув йўқ, насос орқали суғорамиз. Экинимизга айни сув керак маҳал насос бузилиб қоларди. Бу эса, қўшимча харажат, ортиқча бош оғриқ, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Абдумутал Рахмонов. – Шу сув муаммосини ечиш учун пахтани қўшқатор экканман. Чунки қўшқаторда кўчат ҳисобидан ютилади, бир сув ичсаям 30 центнер ҳосил олса бўлади-да. Ҳозир эса унақа муаммо йўқ, қўшқаторга қолган кунимиз ҳам йўқ. Кластерга қўшилганимиздан сўнг, насос тузатамиз демайсиз, техника қидириб, дори излаб юрмайсиз, барчаси муҳайё. Фақат ишлаш керак, холос. Кластергача пахта режасини 50-60 фоизгача бажарардик. Ҳозир эса, масалан, ўтган йили белгиланган режани 108 фоизга ортиғи билан бажардик. Шунинг ўзи ютуқ эмасми?
Шу ўринда кластер ҳақида. “Тошбулоқ текст” МЧЖ таркибида 20 та фермер хўжаликлари бўлиб, кластерга қарашли 608 гектар пахта майдони бор. Шунингдек, тумандаги 5,5 минг гектардан ортиқ пахта далаларига хизмат кўрсатиб келади. Ифода компанияси билан ташкил этилгандан бери ҳамкорликда ишлаб келади.
Очиғини айтиш керак, аваллари ҳудуддаги фермерлар биргина пахтанинг ўзидан 30-35 центнердан ортиқ ҳосил ололмаган. Ҳозирда эса, бу кўрсаткич 40-45 ва ҳатто 50 центнергача етмоқда.
– Ўтган йили ушбу кластерга қарашли майдонларда тажриба тариқасида чигитни ерга қадашдан то ҳосил олгунгача бўлган даврда биргаликда етиштирдик, – дейди агроном Отабек Қудратов. – Ҳосил кутилган натижани берди: 47 центнер. Шундан сўнг бошқа хўжаликлар ҳам бизга мурожаат қилишди. Айтмоқчиманки, ҳар қачон, ҳар пайт биз ҳамкорликка тайёрмиз. Зарур бўлган маслаҳатларимизни ҳеч қачон аямаймиз.