Нашир қилинган сана: 20.08.2020
Категория: Янгиликлар
Бу йилги иқлим шароити қишлоқ ҳўжалиги соҳасида, айниқса, ғўза парваришида анча қийинчиликлар туғдирди. Қиш мавсуми кутилганидек бўлмагани, эрта баҳордан ҳаддан ташқари ёғингарчиликнинг кўпайиши ғўза майдонларида зараркунанда ҳашоротларнинг ошишига, турли касалликларнинг авж олишига сабаб бўлмоқда. Бироқ шунга қарамай, Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги “Насибахон-Ҳабибахон” фермер хўжалиги агротехник тадбирларни самарали ва ўз вақтида олиб бориб, ғўза парваришига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Шу боисдан хўжаликнинг мазкур пахта майдонидаги ғўзалар яхши ривожланиб, барг пластинкалари қалинлашган, шунингдек, кўсаклар ҳам йирик ва бир хилда шаклланган. Кўришимиз мумкин, пастки ярусларда пахта аллақачон очилишни бошлаб юборган.
– Фермер хўжалигимиз 2006 йилда ташкил этилган, – дейди “Насибахон-Ҳабибахон” ф/х раҳбари Икромжон Ортиқов. – 95 гектар еримиз бор, шундан 53 гектари ғалла, қолгани эса, пахта. Ифода компанияси билан 8 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келаётган бўлсак, ҳосилдорлигимизни йил сайин ошириб келаяпмиз. Айтишим мумкинки, препаратлар ўз самарасини бериб келмоқда. Аввалги ҳосилимизга қараганда, 20-25 центнергача қўшимча ҳосил оляпмиз.
Мазкур ғўза майдонларига шу вақтга қадар турли озуқавий суспензиялар, шира, трипс, ўргимчаккана ва бошқа зараркунандаларга қарши кимёвий воситалар қўллаб келинган.
– Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириб келяпмиз, – дейди агроном Бобурбек Солиев. – Ғўзанинг пастки қисмларида ҳам ҳосил яхши бўлган. Кўсакларнинг бир хилда ривожланиши, йирик-йирик бўлиши учун IFO KALIFOS препаратини ишлатгандик. Самараси сезилган. Насиб қилса, бу ердан кўнгилдагидек ҳосил олмоқчимиз.
Агрономнинг айтишига қараганда, ғўзанинг баргидан озиқлантиришга катта аҳамият бериш керак. Бунда суспензия таъсири ўсимликка тезроқ ва самаралироқ етиб бориши таъминланади. Чунки барг садҳига тушган озуқа ўсимлик тўқималарига осон сўрилади, натижада эса, экиннинг ўсиши ва ривожланиши яхшиланади. Бундан ташқари баргдаги хлорофиллар миқдори кўпаяди ҳамда фотосентез жараёни жадаллашади.