Нашир қилинган сана: 08.02.2024
Категория: Янгиликлар
Январь ойи “IFODA” компанияси учун ҳақиқий кашфиётлар ойи бўлди.
17-18 январь кунлари Польша ҳудудида компаниямизнинг Европадаги биринчи ваколатхонаси очилди.
Бу оламшумул воқеа компаниямиз учун янги имкониятларни туҳфа этади ва Марказий Европа мамлакатларига товар етказиб бериш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, “Мева-сабзавот саноати ярмаркаси” кўргазма майдонларида IFODA бош директори Қодирбек Мирзамаҳмудов маҳаллий бозордаги етакчи компания раҳбарлари билан махсус учрашувлар ҳам ўтказди.
Улар орасида бир қатор йирик компаниялар мавжуд:
PUH "CHEMIROL" Sp. z o.o. ўз мамлакати учун 25 йилдан буён агроконсалтинг ва комплекс қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиб келаётган компания.
CHEMIROL – барқарор қишлоқ хўжалигига ёрдам бериш бўйича етакчи мақомга эга. Компания фаолияти поляк фермерлари эҳтиёжлари, мамлакатнинг шароит ва барча тупроқ хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда турли тадқиқотлар ўтказиш ва амалий ечимлар тақдим этишдан иборат.
CB Pharma компанияси – Health Care (инсон соғлиғини ҳимоя қилиш), Animal Health (ҳайвонот олами соғлиғини муҳофаза қилиш), Pest Innovations (зараркунандаларга қарши санитария назорати) ва Crop Solutions (қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик учун ечимлар тақдим этиш) бўйича ноёб тадқиқот технологиялари эгаси. Уларнинг тадқиқот натижалари ва бой тажрибасидан компания маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фундаментал билимлар базаси сифатида фойдаланилади.
Hortico – Боғдорчилик соҳасида маҳаллий савдо бозорининг энг етакчи вакилларидан бири, уларнинг тажриба ва кўникмалари бутун мамлакат бўйлаб ўз филиалларимиз тармоғини ривожлантириш учун асқотиши мумкин. Ҳозирда компания 30 000 дан ортиқ маҳсулотлари билан олди-сотди қиладиган 9 та йирик савдо нуқтасига эга. Компания тарихи 1991 йилга бориб тақалади, бу эса “Hortico”ни боғдорчилик тармоғидаги ҳақиқий етакчига айлантирган.
Leaf Media – агросаноат тармоғига ихтисослашган йирик маркетинг агентлиги. Унинг маҳсулотлари асосан кенг қамровли маслаҳатлар ва ҳамкорлик ечимлари, белгиланган коммуникация мақсадларига эришиш, компания ҳамда лойиҳаларни мақсадига мос равишда қўллаб-қувватлашдан иборат. Бу компания раҳбарлари билан ўтказилган учрашув бизга янги маркетинг воситаларини топиш ва агробизнес соҳасида муқобил алоқа каналлари билан ишлаш тизимини кучайтиришга ёрдам беради.
Биз ҳар бир ҳамкоримизга ажратилган вақт, тажриба, ғоя, кейс ва услублари билан ўртоқлашганлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Ишончимиз комилки, айнан халқаро ҳамкорлик ва мустаҳкам шериклик муносабатларини ўрнатиш биз учун қўшимча тажриба ва компанияни янада ривожлантириш учун ҳаракатлантирувчи кучга айланади.