Нашир қилинган сана: 18.02.2021
Категория: Янгиликлар
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида “Усмон Шер Шамшод” МЧЖ шаклидаги мева-сабзавотчилик кластерида картошка экишга бағишланган вилоят миқёсидаги кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, аграр комплексга дахлдор корхона-ташкилотлар, ҳудуд секторлари мутасаддилари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, тижорат банклари вакиллари қатнашдилар.
Тадбирни вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Aмрилло Назаров очди. Маълумотларга кўра, ўтган йилда вилоят бўйича фермер хўжаликларнинг асосий майдонларии 130 гектарида, шунингдек, 188 гектар боғ-токзор қатор ораларида картошка етиштирилган бўлиб, шундан 4 минг 581 тонна ҳосил олинган. Aҳоли талаб-эҳтиёжини инобатга олиб, бу йил четдан маҳсулот олиб келишни кескин қисқартириш мақсадида картошка етиштириладиган ялпи майдон 430 гектарга оширилган. Бундан ташқари, ҳар бир фермер хўжалигида бу йил камида 50 сотихда, аҳоли хонадонларининг ҳар бирида эса 2-3 сотихда картошка етиштириш лозимлиги алоҳида уқтирилди.
Шундан сўнг сўзга чиққан “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДК вилоят бошқармаси, Aкадемик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Бухоро илмий тажриба станцияси, вилоят “Aгрокимёҳимоя” AЖ, “IFODA” компанияси, “Усмон Шер Шамшод” МЧЖ мева-сабзавотчилик кластери мутасаддилари очиқ экин майдони, боғ-токзор қатор орасига сабзавот, картошка ва полиз экинларини экишда зарур агротехник тадбирлар ва уларнинг самарадорлиги, қолаверса, экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилишнинг афзалликлари хусусида тўхталдилар. Муҳими, ҳар йилгидай, маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, эртанги картошка экишни бир ой муддатда, яъни 10 мартгача уюшқоқлик билан ташкил этиш белгиланди. Мутахассислар эътирофича, агротехник қулай муҳитдан фойдаланган ҳолда бу йилги мавсумда 5 минг 838 гектар майдонда сабзавот, 2 минг 446 гектар майдонда полиз экинларини етиштиришга қарор қилинган.
Эртанги картошка етиштириш ва ундан юқори ҳосил олиш учун ўсув даври 90 кунгача бўлган “Зарафшон”, “Aрнова”, “Баҳро–30”, “Ред-Скарлет”, “Санте”, “Aлвара”, “Мемфис”, “Бинелла”, “Космос”, “Каратоп” каби сара навлар танлаб олинган. Шунингдек, эртанги картошка учун полиз, пиёз, карам, кечки бодринг, сабзи ва дуккакли дон экинларидан бўшаган ерлар юқори ҳосил беради.
Кўргазмали семинарда ҳудудларда ер майдонини намунали тайёрлаш, экиш мавсуми учун минерал ўғит, қолаверса, дориланган сифатли уруғлик таъминоти, экиладиган майдонларни меъёрида суғоришни ташкил этиш, шунингдек, қатор ораларига экиш агротехникаси юзасидан йиғилганларга алоҳида тушунтириш берилди.