Нашир қилинган сана: 20.02.2021
Категория: Янгиликлар
Баҳор яқинлашиб, айни экиш мавсуми бошланган пайтда агрономларга фермерлар томонидан йўлланаётган мурожаатлар сони ҳам кескин ошиб кетади. Бундай пайтда “IFODA” агрономларининг мобиль телефонлари бир зум ҳам тинмайди. Мижозлар саволларини эшитиб, ери бир гектар бўладими ёки 100 гектар, ажратмасдан барчасига керакли тавсияларни бериб ўтишади, бизнинг агрономлар. Ерига бориб кўриб, ўғит солиш, суспензия сепиш, зараркунандаларга қарши курашиш борасида қилинажак ишларни рецептдек ёзиб, қўлларига тутқазиб келишади. Бугун биз наманганлик агроном Орибжон Базаровдан бирров ҳол сўраб, унинг мавсум олдидан ерни тайёрлаш ҳамда экин экиш борасидаги тавсиялари билан қизиқдик.
– Қандай экин экилишидан қатъий назар ер кузда тайёрлангани яхши. Сабаби, қиши билан ёғингарчилик, музламалар ерга сингади. Ернинг музлаган қисмлари музини қўйиб юборганидан кейин майин ҳолатга келиб қолади. Бу майин ернинг эгатини олиб, ўғит билан ишлов бериб, экин эксангиз, ҳосил мўл бўлади. Кесакли жойларга экилган экин яхши ҳосил бермайди. Халқ тилида “Ер ҳайдасанг, куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда” деган мақол ҳам мавжуд. Эрта баҳорда экин экиладиган бўлса, унинг илдизига фосфорли ўғит солишни ёддан чиқарманг. Фосфор эриши қийинроқ ўғит саналади. Ўсимлик илдиз отганча секин илдизига қадар етиб бориб эрийди. Экинларнинг фосфорга бўлган талабини оширадиган 47 хил суспензияларимиз бор. Мана масалан “Anka super”ни оладиган бўлсак, у экин баргига сингиб олганидан кейин илдиз атрофидаги озуқаларни ўсимлик ўзига олишига ёрдам беради.
Деҳқон ҳамда фермер хўжалик раҳбарлари бу тавсияларга амал қилсалар, ўз кўзлаган натижаларига эришишлари, шубҳасиз.