Нашир қилинган сана: 22.02.2021
Категория: Янгиликлар
Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида уюшмаган ёшларни иш билан таминлаш, уларга тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун ер ажратиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, фермер хўжалик раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Семинарни олиб борган вилоят ҳокими ёшларга ер ажратиш билангина чекланмай, уруғ қадашдан токи ҳосил олишгача бўлган жараёнда уларга тажрибали агроном ҳамда таъминотчилар ёрдамида кўмак бериш зарурлигини таъкидлади.
– Андижон вилоятининг 14 та туманидаги шу каби ёш тадбиркорлар ерларини ўғитлаш ҳамда экинларини ҳимоялашда айнан “IFODA” компанияси маҳсулотлари танлангани алоҳида таҳсинга сазовор, – дейди компания агрономи Жавлонбек Бўтабоев. – Бу ишончдан руҳланиб, вилоятдаги ёш фермерларга ғалла майдонларини озиқлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастур асосида препарат ҳамда суспензияларимиз бўйича маълумотлар бердик ҳамда шартнома асосида ҳамкорликда ишлаш таклифини билдирдик.
Кўтаринки руҳда ўтган ушбу семинар кўпчилик ёшларга дастуриламал бўлиб хизмат қилди, десак янглишмаган бўламиз.