Ўргимчаккана

Бўлим: Зараркунандалар

Ўргимчаккана

     Ғўза зараркунандалари ичида энг хавфлиларидан бири бу ўргимчакканадир. Зараркунанда баъзан пахта далаларида етиштирилаётган хосилни тенг ярмини йўқолишига сабаб бўлади. Ўргимчаккананинг зарари натижасида хар йили пахта хосили сезиларли даражада камаяди.

    Ўргимчаккана - ҳаммахўр  заракунанда бўлиб , у 248 турдаги ўсимликлар билан озиқланади айниқса ғўза, соя, ерёнғоқ, мош, кунжут, полиз экинлари, айрим вақтларда маккажўхори, шунингдек тут, ток, мевали ва манзарали дарахтларни зарарлайди.

     Ўргимчаккана жуда майда зараркунанда бўлиб, уни оддий кўз билан кўриш қийин. Лупа орқали кўрилганда танаси овалсимон бўлиб, 0,4-0,65 мм катталикда. Ёз ойларида ўргимчаккана сарғиш-яшил, эрта бахорда ва кеч кузда қизғиш рангда бўлади. Ўргимчаккананинг оталанган урғочилари сентябр ойи охирларида қишлашга кета бошлайди. Бу вақтида ўргимчаккана қизғиш рангга кириб озиқланишдан тўхтайди. Ўргимчаккана асосан кузда қаерда кўп ривожланиб тарқалган бўлса, ўша ерда қишлаб қолади, жумладан ғўзапоя ва унинг қолдиқларида, хайдовда хосил бўлган катта-катта кесаклар остида, дала қирғоқларидан тут дарахтлари пўстлоғи ва каллакларида, дарахтлар тагида, йўл қирғоқлари ва ариқ-зовурлар бўйларидаги кенг баргли ўтлар қолдиқларида қишлаб чиқади. Қишлашга кирган ўримчакканага совуққа ўта чидамли бўлиб, сернам жойларда совуқ -200С бўлганда атига бир икки донаси нобуд бўлади. Бу зараркунанда қишловдан жуда барвақт март ойида ўртача суткалик хаво харорати 12-130С дан юқори бўлганда чиқади.

     Ўргимчаккана одатда шамол ёрдамида ўзи хосил қилган иплари воситасида оқин сувлар, одамлар иш кийимлари ва иш қуроллари орқали тарқалади. Шунинг учун ғўза ва бошқа экинларни даставвал даланинг чекка қисмлари зарарланади. Дала ва йўл қирғоқларидаги ғўза ниҳоллари баргларига чанг ғубор тушиб, ўргимчаккана ипларига ёпишиб, уни йиртқич кушандалардан химоя қилиб, кўпайиб ривожланишига имконият яратади. Хаво хароратининг иссиқ бўлиши хам ўргимчаккананинг ривожланиб тарқалишига қулай шароитни вужудга келтиради.

     Ғўза экилган майдонларда ўргимчаккана аввал увватдаги 1-2 туп ғўзани баргларини зарарлашдан бошлайди. Ғўза ниҳолларини бу зараркунанда билан кўплаб зарарланиши ва тарқалиши ёзнинг ўрталарига тўғри келади. Чунки бу даврда ниҳоллар ўсиб ривожланиб барглари бир-бирига киришиб қолиши ўргимчакканани ҳаракатланиб юришига “кўприкча” хосил қилиб ўсимликдан-ўсимликка ўтишга имконият яратади.

    Ўргимчаккананинг катта ва кичик ёшдагиси хам баргнинг орқа томонидаги барг оғизчаларидан ўсимлик ширасини сўриб зарар келтиради. Барг орқасига жойлашиб олган ўргимчаккана аввал ипларидан тўрлар хосил қилиб, ўзини ҳимоя қилиб ривожланишига шароит яратади, сўнг шу ерни узида тухум қуя бошлайди. Зараркунанда ўз хаёти давомида ўртача 140 дона, айрим вақтда эса 600 донагача тухум қўяди.

    Эрта баҳорда тухумдан чиқган личинкалар ривожланиб  7-10 кунда, ёз ойларида эса 2-5 кунда   етук ўргимчакканага айланади. Ҳаво хароратидан келиб чиқиб ўргимчаккана 7-19 кунда бир марта авлод беради. Бу зараркунанда ўртача 16-18 марта авлод беради.

    Одатда ўргимчаккана яхши озиқланмаган, тагига ишлов берилмаган, сувсизликдан ҳолсизланиб ўсиш ва ривожланишдан орқада қолган, увват ва қиргоқлардаги ғўза нихоллларини биринчи навбатда зарарлайди.

    Ўргимчаккананинг тез ривожланиб тарқалиши, оз микдорда кўрингани хам қисқа муддатда кўпайиб, зарар келтириш даражасига етиши мумкин.

    Ўргимчаккана билан зарарланган ғўза ниҳоллари соғлом ғўзага нисбатан ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади. Зарарланган барглар сарғайиб қуриб тўкила бошлайди.

    Ғўза нихолларини баргларда қизғиш-қўнғир доғлар хосил бўлганлигидан ўргимчаккана билан зарарланганлигини аниқлаш имкониятини беради.

    Ўргимчаккана ғўза нихолларининг ҳаёт фаолиятини ўзгартиради, яъни баргдаги фотосинтез фаолиятини ва модда алмашинувини бузиб, ўсимликнинг қуриб қолишига сабаб бўлади.

    Аниқлаш усули - ўргимчаккана кўпайиб кўплаб майдонларга тарқалишини олдини олиш мақсадида мавсумда хар 5 кунда камида бир марта ғўза ва бошқа экинларни ўсиш даврида диққат билан синчиклаб текшириб чиқиш лозим.

    Бунинг учун ўргимчаккана ва унинг табиий кушандалари хисобга олинади. Дастлаб текшириш март ойининг 1-ўн кунлигида униб чиққан кенг баргли бегона ўтлар(отқулоқ, шўра, печак)да пайдо бўлган ўргимчаккана аниқлашдан бошланади.

      Бунинг учун дала қирғоқларида хар 20-25 метр ораликдан 1 тадан 20 та намуна олинади. Бу намуна олинган майдоннинг катталиги 0,25 х 0,25 метр бўлади. Хар бир намунадаги ҳамма бегона ўтларнинг хар бир тури синчиклаб текшириб кўрилади. Зарарланган ва зарарланмаган туплар аниқланади. Хар бир намунадан ўргимчаккана билан зарарланган кенг баргли ўтларда иккитасини ажратилади, уларнинг баргларига жойлашган ўргимчаккана сони хисобланади.

      Экин майдонларида ўргимчакканани аниқлаш мақсадида хар 20 гектаргача булган майдондан 20 та намуна олинади. Хар бир намунада 5 тадан ўсимлик синчиклаб кўриб чиқилади. Ўргимчаккана билан зарарланган ўсимлик миқдорини, соғлом зарарланмаганларга нисбатан неча фоиз ташкил этишини хисоблаб чиқилади.

      Ўргимчаккана сонини аниқлаш учун намунада олинган 5 та ўсимликдан зарарланганини ажратиб олиб, уларнинг хар биридан 3 тадан барг, яъни пастки, ўрта ва тепа қисмидан олинган барглардаги зараркунанда сони лупа ёрдамида саналади. Тўпланган маълумотлар махсус дафтарга ёзиб борилади.

      Хар 100 туп кўрилган ўсимликда ўргимчаккана 10 дона, фойдали хашорот 1 дона бўлса, бундай холатда ўсимликларни кимёвий ишловсиз химоя қила олиш мумкин.

Кураш чоралари - ўргимчакканани оммавий ривожланиб, тарқалишини олдини олиш чоралари қуйидагилардан иборат :

1. Дала майдонларидан ғўзапояларни илдизи билан олиб чиқиб кетиш.

2. Икки ярусли плуг билан чуқур хайдов ўтказиш.

3. Дала қирғоқларидаги тут ва бошка дарахтларни эгилган шох-шаббаларини кесиб, дарахт тагларини очиш.

4. Бахорда хайдаладиган ерларга чилла суви бериш.

5. Дала қирғоқларидаги, йул ва арик зовур буйларидаги бегона ўт қолдиқларини феврал март ойларида қул кучи ва кетмон билан йўқ қилиш чораларини кўриш.

6. Профилактик ишловлар ва қарши курашиш мақсадида гектарига 500 тадан 3-4 марта олтинкўз қўйишни ташкил қилиш.

7. Ғўза қатор ораларига биринчи комплекс ишлов берилгандан сўнг зараркунанда ўчоғи бўлган майдонларга хар гектарига 40-50 кг дан олтингугуртни сув билан чангитишни ташкил қилиш лозим.

8. Июн-июл ойларида айрим майдонларда ўргимчаккана карта ўрталаригача кириб бориши кузатилса хар гектарига Акараголд (0,3-0,5 кг), Энтомайт (1,2-1,5 литр), Энтомектин (0,45 литр), Спиромектин (0,25 л) ва бошка препаратлар билан кимёвий ишловлар ўтказиш тавсия этилади.

 

Кузатиб бориш